Муқаддам 2 маротаба фоҳишахона ташкил қилиб судланган аёл учинчи марта қўшмачилик қилгани учун судланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди «Дарё»га хабар берди.
Жиззах шаҳрида яшовчи Р.Р. фоҳишахона ташкил қилгани учун Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2004 йилдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 131-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан судланган. 2018 йил январда Р.Р. яна такроран фоҳишахона ташкил этгани учун жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди ҳукмига кўра ЖКнинг 131-моддаси 1-қисми билан судланган.
Р.Р. — 2 фарзанднинг онаси, ёши 60 дан ошган, нафақахўр. У 2018 йил 26 февраль куни соат 20:00 ларда ўзи истиқомат қиладиган хонадонда 100.000 сўм пул эвазига қўшмачилик қилган.
Суд Р.Р.нинг ўз айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий моддий аҳволини жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида; жиноятнинг ғараз ниятда содир этилганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаган. Дастлаб суд айбдорга ЖКнинг 131-моддаси 4-қисмида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. ЖКнинг 72-моддасига асосан суд шартли равишда синов муддати белгилаш ҳақида ҳукм чиқарган.
Изоҳ (0)