Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов лавозимга тайинланганидан бир кун ўтиб шаҳардаги ижтимоий соҳа обектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди, дея Sputnik хабар бермоқда.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бу ҳақда хабар қолдирди.
Эркинжон Турдимов ташриф буюрган илк объект Ёшлар маркази бўлди. Вилоят ҳокими Ёшлар марказида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди ва зарур тавсиялар берди.
Шунингдек, Турдимов «Ипак йўли» туризм халқаро университетида ташкил этилган қабул жараёни билан танишди.
Э.Турдимов Самарқанд давлат университети педагогика факультетида олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят бўлимининг янги биносини қуриш учун мўлжалланган ҳудуд билан ҳам танишди.
Аввалроқ, Эркинжон Турдимовнинг Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)