Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» чегара-божхона пости ходимлари қўшни давлатдан пиёда келган опа-сингилларнинг ноқонуний равишда спиртли ичимликлар олиб кирмоқчи бўлганини фош қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Опа-сингиллар божхона ходимларига салқин ичимликлар олиб ўтаётганини айтган. Аслида уларга тегишли юклар божхона кўригидан ўтказилганда, 31 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги 2008 дона пиво ичимлиги аниқланган. 7 турдаги ичимликнинг умумий оғирлиги 1040 литрни ташкил қилган.
Айни шу постга пиёда келган яна бир фуқаро қадоқланган ичимлик сувини олиб ўтаётганини айтиб, 20 дона елим идишда 100 лирт этил спиртини олиб ўтмоқчи бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом этмоқда.
Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра, мамлакатга 2 литргача алкоголь ичимлик, жумладан, пивони божсиз олиб киришлари мумкин.
2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан спиртли ичимликларни олиб кириш билан боғлиқ 26 та қоидабузарлик аниқланган. Натижада қиймати 95 миллион сўмдан ортиқ, салкам 3600 литр спирт ва алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Изоҳ (0)