Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси кўмагида жорий йилнинг 6—7 июль кунлари Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида «СУҒД-2018» халқаро кўргазма-ярмаркасида 100 дан ортиқ маҳаллий тадбиркор иштирок этиб, уларнинг 42 нафари ўз маҳсулотларини тақдим этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу кўргазма–ярмаркада тадбиркорлар томонидан электротехника воситалари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, трикотаж, косметика, полимер маҳсулотлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, муқобил манбалардан фойдаланган ҳолда электр энергия ишлаб чиқарувчи технологик ускуналар намойиш этилди.
Халқаро «СУҒД-2018» кўргазма-ярмаркасида шунингдек, Россия Федерацияси, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Германия, Ўзбекистон, Жанубий Корея давлатлари тадбиркорлари ҳамда Халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Мазкур кўргазма давомида Тожикистон Республикасига «Халқаро инвесторларни жалб қилиш, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини ривожлантириш» мавзусида конференция ҳам ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи ташкил этилди. «Саховат» бозорида ўзбекистонлик тадбиркорларнинг маҳсулотларини сотиш ташкил қилинди.
Ташкиллаштирилган кўргазма давомида Ўзбекистон ва Тожикистон корхоналари томонидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. Шу билан бирга, «СУҒД-2018» халқаро кўргазма-ярмаркасида иштирок этган тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномалари имзоланди.
Изоҳ (0)