8 июль, якшанба куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи М.К. исмли аёл ички ишлар органлари устидан арз қилиб ҳамда унга ёрдам беришни сўраб Facebook’га видео жойлаштирган. Тошкент вилояти ИИБ мазкур ҳолат юзасидан суриштирув олиб борди. Бу ҳақда вилоят ИИБ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
М.К.нинг ўғли оиласига кўмаклашиш мақсадида қорамол боқиш билан шуғулланган. У ишлаган пулидан орттириб велосипед сотиб олган. Велосипедни боланинг отаси маст ҳолатда бошқарган ва ЙПХ инспекторлари унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган. Facebook’га жойланган видеода Мастура Каримова велосипедни қайтариб олиш учун ЙПХ ходими ундан 500 минг сўм талаб қилаётганини айтган.
Маълум бўлишича, Мастура Каримованинг турмуш ўртоғи 25 май куни соат 10:00 ларда Қуйи Чирчиқ туманида маст ҳолатда велосипед бошқариб кетаётганида туман ИИБ ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган. Тиббий кўрик унинг спиртли ичимлик истеъмол қилганини тасдиқлаган. Натижада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилган ва велосипед жарима майдончасига жойлаштирилган. М.К. туман ИИБ ЙҲХБга бориб, велосипедни қайтаришни сўраган. Идора ходимлари 500 минг сўм миқдорида маъмурий жарима тўлаш ёки тўлашга имконияти бўлмаган тақдирда ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинидан оиласининг кам таъминлангани ҳақида маълумотнома олиб келиб, судга тақдим этишни айтган.
8 июль, якшанба куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан М.К.нинг турмуш ўртоғи билан суҳбат ўтказган. У маҳалла фуқаролар йиғинидан оиласи кам таъминлангани ҳақида маълумотнома олиб келиб, судга тақдим этган ва жарима тўламасдан велосипедни қайтиб олган.
Изоҳ (0)