Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси ташаббусига кўра «Истиқлол» масжидининг имом-хатиби Насриддин Умар билан учрашув ташкил қилинди. Имом-хатиб Ўзбекистонга ташрифи тўғрисида сўзлаб берди, дея Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси «Дарё»га хабар берди.
Доим Ўзбекистонга ташрифимни илиқ хотиралар билан ёдга оламан. Мен ўзимни у ерда ўз ватанимдагидай ҳис қилдим. Одамларингиз ниҳоятда оқкўнгил. Кўчаларда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради. Нафақат Тошкентда, қаерга ташриф буюрмай худди шундай фаровонликни кўрдим.Маълумот учунБу улкан тараққиёт йўлидир, сизлардан ўрнак олишимиз керак. Ўзбекистон турли дин вакилларининг тинчлик ва бағрикенглик муҳитида яшаши, тинчликсевар исломнинг ҳақиқий тимсолидир. Индонезияда ҳам бу масалага катта эътибор қаратилади ва барча конфессия вакилларининг тинч-осойишта яшаши таъминланади. Бизнинг масжидимиз эшиклари ҳам барча учун очиқ, унинг номи («Истиқлол») ҳам бежиз танланмаган, асосий вазифамиз мустақил Индонезия жамиятини бирлаштиришдан иборат. Шу маънода Индонезия ва Ўзбекистон бутун дунёга исломнинг нақадар тинчликсевар дин эканини намойиш қилиши мумкин.
Ҳар йили 1 миллионга яқин индонезияликлар Ҳаж ва Умра зиёратларига отланишдан олдин бир қанча мамлакатларга ташриф буюради. Тан олиш керак, Ўзбекистон ҳақида кўпчилик умуман маълумотга эга эмас, ваҳоланки зиёратчиларнинг бориши учун бу мамлакатдан қизиқарли ва хавфсиз давлатни топиб бўлмайди. Мени Ўзбекистонда зиёрат туризмининг ривожлантириш бўйича ҳамкорингиз, деб ҳисобласангиз бўлади. Индонезияликларни Ўзбекистон, унинг ислом тарихи ва ҳозирги тараққиётида тутган ўрни ҳақида хабардор қилишни ўзимнинг асосий вазифаларимдан бири деб ҳисоблайман. Масжиддаги хутбада, талабаларимга ўқийдиган маърузаларимда, одамлар билан мулоқотда бўлганимда, давлат ва жамоат арбоблари билан учрашганимда бу вазифамни адо этаман.
Ўзбекистон ўзининг ислом илми, маданият ва динга қўшган ҳиссаси билан ҳақли равишда фахрланиши мумкин. Ўзбекистоннинг ҳар бири ҳудуди, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ўзига хос маданияти, тарихи, буюк аждодлари ва ислом архитектураси ёдгорликларига бой. Ислом туризми борасида Ўзбекистон ҳар қандай бошқа мамлакат билан осонликча рақобат қилиши мумкин. Бошқа мамлакатларда Ўзбекистонда бор ёдгорликларнинг ярми ҳам йўқ. Визаларнинг бекор қилиниши бу борада муҳим қадам бўлди.
Албатта, мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри рейснинг йўлга қўйилмагани ноқулайликларни келтириб чиқаради. Тошкентга бориш учун керакли рейсни кутишга тўғри келади, бу эса кишини толиқтиради. Ўйлайманки, вақт ўтиши билан бу масалалар ҳам ҳал бўлади.
Мен, Индонезия ислом университетида кўп йиллардан буён дарс бераман. Мамлакатингиз президенти аждодлар хотираси ва муқаддас динимизга нақадар ҳурмат билан қарашини кузатганман. Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказининг тузилгани, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида илгари сурилган ташаббуслар, Афғонистон бўйича Тошкент конференциясининг ўтказилгани Ўзбекистоннинг роли ва нуфузини янада оширади ҳамда Умма томонидан қўллаб-қувватланади.
Мамлакатларимизнинг ўхшаш томонлари кўп. Хусусан, биз ўзбекистонлик мутахассис ва ўқитувчиларни Ислом университетида маъруза ўқиш учун таклиф қилмоқчимиз. Шунингдек, ҳамкорликда ислом тарихи ва қўлёзмалар бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришга тайёрмиз. Ўзбекистон бу борада қадимий тарих ва ҳар қандай ислом мамлакатини ортда қолдирадиган улкан имкониятларга эга.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда барчага тинчлик ва осойишталик тилаб қоламан».
Насриддин Умар, «Истиқлол» масжидининг имом-хатиби
«Истиқлол» масжиди Индонезия мустақиллиги муносабати билан 1961 йил 24 августда ташкил этилган. Масжиднинг тамал тошини президент Сукарно қўйган. Қурилиш ишлари 17 йил давом этган. Масжиднинг очилиши 1978 йил 22 февраль куни бўлиб ўтган. «Истиқлол» — Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик масжид бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 минг кишини қабул қилиши мумкин.
Изоҳ (0)