«Навоий» эркин иқтисодий зонасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Давлат божхона қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари экспорт-импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун мамлакатда яратилган қулайлик ва енгилликлар ҳақида маълумот берди, деб ёзади ЎзА.
Президентнинг 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан божхона органларини ислоҳ қилишнинг саккизта асосий йўналиши белгилаб берилди. Уларни амалга ошириш юзасидан «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар дастури» тасдиқланди. Унга кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун қатор қулайлик ва енгилликлар яратилди.
Ўз навбатида, кўрсатилган талабларга риоя этмайдиган тадбиркорларга тегишли чоралар кўриш борасида божхона органлари ваколатлари ҳам белгилаб берилди. Мисол учун, божхона органлари импорт қилинаётган товарлар нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади. Божхона омборларида 3 йилдан ортиқ сақланиб келаётган мол-мулклар уч ой давомида талаб этиб олинмаган тақдирда, суд қарори асосида давлат фойдасига мусодара қилинади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида, товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг, уларнинг божхона назоратини амалга оширади.
Изоҳ (0)