Ташқи савдо вазирлиги мутахассислари 2018 йилнинг 3 ойи давомида Ўзбекистонда етиштирилган ўрик экспорти ҳажми бўйича маълумот берди, деб ёзмоқда UzDaily.
Шунингдек, вазирлик мутахассислари East-fruit.com портали таҳлилчиларининг 2017 йил якунига кўра Ўзбекистон ўригининг экспорт ҳажми камайгани борасидаги хулосаларига изоҳ берди.
«2018 йилнинг 3 ойи давомида мева-сабзавот, жумладан, ўрикнинг экспорт ҳажми ошди. Ўзбекистон 2018 йилнинг апрелидан июнига қадар 29760 тонна ўрик экспорт қилган. Бу 2017 йил натижаларидан 9786 тоннага кўпроқдир», — дейди вазирликнинг экспортни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Пўлат Асраев.
Вазирлик мутахассисларининг фикрича, 2017 йилда ўрик экспорти ҳажмининг пасайиши данакли мева дарахтларининг одатдагидан 20 кунга кечроқ гуллагани билан боғлиқ. Яъни, ўрик ҳосилга киргунига қадар эрта пишар мевалар баланд нархларда сотиладиган давр қўлдан бой берилган. Натижада экспорт учун ажратиладиган мева ҳажми камайтирилган ва етиштирилган ўрикнинг асосий қисми ички бозорга йўналтирилган. Ўрик ҳосилининг муайян қисми тайёр маҳсулот (жумладан, экспорт учун ҳам) ишлаб чиқарувчи корхоналарга сотилган.
Ўрик экспорти кўрсаткичлари пасайишининг бошқа сабаби ҳам бор. 2017 йили Туркия иқтисодий санкциялар бекор қилингач Россияга катта миқдорда мева экспорт қилишни бошлаган. 2016 йили эса Туркиядан Россияга ўрик экспорт қилинмаган. Табиийки, бу омилларнинг барчаси экспорт ҳажмига таъсир кўрсатади.
Шу билан биргаликда, ўрик экспортининг сўмдаги кўрсаткичлари 2018 йили ўтган йилгига нисбатан 2,2 баробар ошган. Ўзбекистон 2018 йили Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь, Украина, Бирлашган Араб Амирликлари, Латвия, Буюк Британия, Сингапур, Японияга ўрик экспорт қилган.
Изоҳ (0)