Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Артикова бош вазир ўринбосари, «Ўзагротехсаноатхолдинг» бошқарув раиси Нодир Отажонов ишини танқид қилди. Бу ҳақда Сенатнинг 15-ялпи мажлисидан «Газета.uz» мухбири хабар қилди.
Президентнинг «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Андижон вилояти, жумладан, Хонобод шаҳри, Бўз, Улуғнор, Пахтаобод ва Марҳамат туманлари Нодир Отажоновга бириктирилган.
«Мазкур ҳудудлар ўрганилган, бироқ ишчи гуруҳи таркибида вазирлик вакилларидан 18 киши иштирок этмаган. Сиз бу гуруҳ раҳбари сифатида бирор марта ҳам муҳокама ва сессияларда иштирок этмагансиз. Ишлар кўп, буни биламиз, бироқ гуруҳ раҳбари сифатида иштирок этишингиз керак эди. Сенаторлар ва депутатлар туман, вилоят ва республика даражасидаги 13 та сўровномани сизга юборган, бироқ ҳозиргача жавоб йўқ», — деди Светлана Артикова.
Сенат раиси ўринбосарининг таъкидлашича, Хонобод, Олтинкўл ва Мингбулоқ туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл хариталари» тасдиқланган, бироқ улар амалга оширилмаяпти.
«‘Йўл хариталари’ нега яратилмоқда? Уларни амалга ошириш учун. Бироқ бугунги кунда уларнинг бирорта ҳам банди бажарилмаган. Вилоят ва ҳудудлардан қатъий назар, қонун қабул қилиндими, у бажарилиши керак. Президент қарори қабул қилиндими, у бажарилиши шарт. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарорларига ҳам тааллуқли», — дея таъкидлади у.
Нодир Отажонов ўзини оқламаслигини маълум қилди ва камчиликларни тан олди. Бош вазир ўринбосари бир ҳафта давомида ҳудудларда қарорлар бажарилиши бўйича батафсил ҳисобот тақдим этишга сўз берди.
Изоҳ (0)