Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизликнинг ҳар қандай кўринишларига мутлақо чек қўйиш эътиборда эканини таъкидлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шу мақсадда тергов изоляторлари ва терговчилар хонасида сўроқ жараёнини стенография қилиш, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари жорий этилган.
Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти ва унинг қуйи тизимлари томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида 19,5 мингдан зиёд жиноят иши тергов қилиниб, уларнинг 13 мингга яқини бўйича тергов ҳаракатлари тугатилди ва судга тақдим этилди. Бу борадаги кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 3,5 фоизга яхшиланди.
Терговчиларнинг жиноятга алоқадор шахслардан гумонланувчиларни аниқлаш ишлари яхшилангани боис фош этилмасдан қолган жиноятлар сони 1,5 мингдан зиёдни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 59,3 фоизга камайишига эришилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида Президент фармонига асосан 381 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида доимий яшаш рўйхатига олиниши лозим бўлган фуқароларнинг қарийб 15,5 минг нафари рўйхатга олинди.
Ҳисобот даврида жами 4 344 жиноят патруль-пост нарядлари томонидан фош этилди, 331 жиноятнинг олди олинди, жиноят содир этганлиги учун қидирувда бўлган 467 нафар шахс аниқланди.
Ҳисобот даврида хизмат итлари ёрдамида жами 1 625 жиноят фош этилиб, 83,2 килограм турли хилдаги гиёҳванд моддалар, 20 дона ўқотар қурол, 87 дона ўқ-дори аниқланиб, олинди.
Бунинг натижасида республика миқёсида жамоат жойларида содир этилган жиноятлар сони 409 тага, кўчаларда содир этилган жиноятлар сони 282 тага камайишига эришилди.
Изоҳ (0)