25 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига Миллий банк филиали раҳбариятидан 270 минг доллар пул йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Гумон касса мудирига тушди, унинг ўғирликка алоқадорлигини 25 июнь, душанба куни иш жойида бўлмаганлиги ва раҳбарияти қўнғироқларига жавоб бермаганлиги ҳам тасдиқлади.
Тезкор-қидирув ишлари натижасида касса мудири шу куни кечки пайт ўғирланган пулларга сотиб олинган квартирасидан топилди. У айбига иқрор бўлди ва пулларни 22 июнь, жума куни ўмарганини айтди. Иш куни тугаб, банкнинг бошқа ишчилари бинони тарк этишини кутиб турган, сўнг кассадан 270 минг долларни ўғирлаган.
Касса мудири ўз ҳаракатларини танишлари ва қариндошларига қарзларини қайтариши, шунингдек, аввалроқ сотиб олган автомобиллари учун кредитларни тўлаши зарур бўлгани билан изоҳлади. Пулнинг катта қисмини ўтган уч кун ичида квартира, маиший техника, компьютер ва бошқа товарларни сотиб олишга сарфлашга улгурган. Бир қисмини қарзлари учун берган. Ўғирланган пулнинг қолган қисми мусодара қилинди. Тергов давом этмоқда.
Изоҳ (0)