Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Ҳарбий қисмларда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш ва уларни юксак савияда адабиётлар билан таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзусида семинар ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Олий Мажлис сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда сенат аъзолари, тегишли вазирликлар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Семинарда ҳарбий қисмларда ўз хизмат бурчини ўтаётган ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, дунёқарашини юксалтириш, улар қалбида ўз Ватани, халқига муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш мақсадида китобхонлик маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, Олий Мажлис сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Халқ шоири Иқбол Мирзаалиев, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия вакиллари ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ўзларининг бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашди.
Изоҳ (0)