20 июнь куни Термизда Ўзбекистон ва Афғонистон давлат ва хусусий секторлари вакиллари ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».
Музокаралар якуни бўйича ҳар иккала мамлакат савдо-саноат палаталари иштирокида афғон—ўзбек ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳақидаги меморандум имзоланди.
Афғонистон ишбилармон доиралари делегациясини қурилиш, озиқ-овқат, фармацевтика, нефть-газ, тоғ-кон, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика ва савдо корхоналари ифода этди. Афғонистон президентининг Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари бўйича махсус вакили Шакир Каргар ва мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Сайёд Шаҳобиддин Тимурий ҳам делегация таркибига кирди.
Ўзбекистон томонидан мулоқотда ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Музокаралар иштирокчилари савдо соҳаси, учинчи мамлакатларга экспорт қилинувчи юклар транзити ва уларни ташиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёр кийим-кечак ва қурилиш материалларини чиқариш бўйича биргаликдаги ишлаб чиқаришни ташкил этиш каби икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига урғу берди.
Афғонистон томони Ўзбекистон билан чегарадаги ҳамкорлик, жумладан, савдо соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, афғон бизнесменлари учун виза жараёнларини соддалаштиришга қизиқиш билдирди.
2017 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 15 фоизга ўсиб, деярли 599 миллион доллар, шу жумладан экспорт 596,7 миллион доллар, импорт 2,2 миллион долларни ташкил этган. Жорий йилнинг беш ойи мобайнида ўзаро савдо ҳажми 286,7 миллион АҚШ долларини (14,5 фоизга ўсиш) ташкил этди. Мамлакатлар фармацевтика, кимё, автомобиль ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириши мумкинлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)