«Катта еттилик» мамлакатлари саммитида АҚШ президенти Дональд Трамп Германия канцлери Ангела Меркелнинг қаршисидаги столга конфет сочган. Бу ҳақда Eurasia Group консалтинг компанияси директори Йэн Бреммер CBS телеканалига маълум қилди, деб ёзади «Ведомости».
Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, бу G7 етакчилари саммит якунлари бўйича қўшма ҳужжат имзоламоқчи бўлган вақтда юз берган. Трамп ўрнидан турган, қўлини чўнтагига солиб, иккита Starburst конфетини чиқарган ва уларни столга ташлаган. Сўнг Меркелга қараб: «Мана, Ангела, сизга ҳеч нарса бермаслигим ҳақида гапирманг», — деган.
«Меркель ва Канада бош вазири Жастин Трюдо Трамп қўшма коммюникени имзолаши учун унга босим ўтказмоқчи бўлган, Америка президенти эса G7 етакчилари унга қарши бирлашаётганидан норози бўлган», — дея сиёсатшунос АҚШ президентининг хатти-ҳаракатларини изоҳлади.
2018 йил 8—9 июнь кунлари Канаданинг Квебек шаҳрида бўлиб ўтган G7 саммити натижалари бўйича етти мамлакат якуний баёнотни имзолагани ҳақида Трюдо маълум қилган эди. Аммо Трамп ўз Twitter’ида АҚШ вакилларидан коммюникени қўллаб-қувватламасликни сўрагани ҳақида ёзди.
Изоҳ (0)