Мода дунёси экспертлари дизайнер Виктория Бекхэмнинг либосларини яратиш учун ўлдирилган ҳайвонлар сонини ҳисоблаб чиқди, деб ёзади «MK.ru». Дизайнернинг ўзи ва унинг яқинлари унинг гардеробида табиий мўйнадан қилинган кийим-кечаклар йўқлигини даъво қилмоқда.

Фото: Glamour

Аммо мутахассислар таъкидлашича, мўйналар бўлмаган тақдирда ҳам, либос ва пойабзаллар учун юзлаб ҳайвонлар ўлдирилган.

Масалан, Викториянинг туфлилари ва сумкалари сонига кўра, улар учун 780 та қўзи, 600 та бузоқ, 130 та тимсоҳ ва 43 та туяқуш қурбон қилинган.

Бекхэм экзотик жониворлар терисидан қилинган эксклюзив кийим-кечаклар ишқибози ҳисобланади. Унинг курткалар, пальтолар, юбкалар, қўлқоплар ва камарлар тўпламига 313 та калтакесак, 16 та бизон ва 63 та эчки териси кетган.

Шунингдек, Victoria Beckham брендининг Quincy bag деб аталувчи сумкаси ва катта клатчи илон терисидан тикилган.