АҚШнинг Небраска штати шимолида жойлашган Монови шаҳрида яшовчи 84 ёшли аёл Элси Эйлер ўзига солиқ тўлайди, сайловда бир овоздан ўзини шаҳар мэри этиб сайлайди ва савдо қилиш учун ўзига ўзи лицензия беради. Бунга сабаб шуки, шаҳарда ундан бошқа ҳеч ким яшамайди. AdMe ана шу аёл ва унинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилди.
Монови шаҳрини одамлар 1960 йилларда тарк эта бошлаган. Дастлаб почта бўлими ва озиқ-овқат дўкони ёпилган, 1974 йилда эса маҳаллий мактабни охирги ўқувчи битирган.
Моновининг ягона яшовчиси Элси Эйлернинг ўғли ва қизи бор, бироқ улар аллақачон шаҳардан кўчиб кетган. Аёлнинг эри Руди 2004 йилда вафот этгач, у бутун шаҳарни бошқаришни бошлаган. У бир вақтнинг ўзида шаҳар мэри, ғазначиси, кутубхоначиси ва бармени ҳисобланади.
Ҳар йили Элси ўзи бошқарадиган барнинг эшигига сайлов ҳақида эълон осади, кейин ўзини-ўзи сайлайди. Унинг мажбуриятларига давлат молиялашини таъминлаш ва шаҳарга кўчиб келишни хоҳловчилар учун ер участкалари реестрини юритиш учун шаҳарнинг ҳар йиллик «йўл харитаси»ни тузиш киради. Бундан ташқари, Элси ҳар йили ўзидан 500 доллар миқдорида солиқ ундиради. Бу маблағ шаҳарни ёритиш ва сув таъминоти харажатларига етади.
Бардан ташқари, шаҳарда кутубхона бор. Унда Руди томонидан йиғилган беш мингта китоб мавжуд. Эйлер оиласининг жиянлари ва набиралари кутубхонага ёритиш тизимини ва китоб жавонларини ўрнатган. Кутубхонага ҳамма кириши мумкин, унинг калити эшикда осилган туради ва ҳамма жойдан кўринади.
Элси ўз бари яқинидаги кичик трейлерда яшайди. Шаҳарнинг ягона кўчасидаги бошқа бинолар эса аллақачон бўшаб қолган.
Ҳар куни эрталаб соат 9:00 Элси барни очади. Асосан унга шаҳардан 40—50 километр узоқда яшовчи ўткинчилар ташриф буюради. Шунингдек, таниш ҳайдовчилар ҳам келиб туради, уларнинг баъзилари атайлаб эски таниши билан кўришиш учун ҳам бу ерга келади.
Элси ёлғиз қолган 2004 йилда Монови ҳақида кўплаб ОАВлар ёзган. АҚШдаги энг кичик шаҳар машҳурликка эришган, энди эса бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюради: Элсида сайёҳларнинг изоҳлари билан тўлган тўртта меҳмонлар китоби бор.
Изоҳ (0)