Meduza нашри газли ичимликларнинг инсон организмига аслида қандай таъсир кўрсатиши борасида шифокор Артемий Охотин билан суҳбат уюштирди ва масалага аниқлик киритди.

Фото: Google Images

 —  Кола ошқозонда яра ҳосил қилиши ростми?

— Йўқ. Кола (кола деганда бренд эмас, газли ичимликлар тури назарда тутилган) ошқозон деворини емириши — бу миф. Аслида коланинг кислоталилик даражаси анча паст. Шунингдек, гастрит ва ошқозон яраси касаллигининг келиб чиқиши кола истеъмол қилиш билан боғлиқ экани ҳам ҳали исбот қилинмаган.

—  Демак, кола одам организмида аслида ҳеч нимани емириб ташламас экан-да?

— Йўқ, кола таркибидаги фосфор кислотаси тишларнинг эмал қатламини парчалайди ва кальцийни емиради. Коладаги шакар эса кариеснинг шаклланишига олиб келади. Агар колани ҳаддан ташқари кўп миқдорда истеъмол қилмасангиз, тишларни ўз вақтида ювиб, мунтазам равишда стоматолог кўригида бўлиб турсангиз, газли ичимликнинг организмга ҳеч қандай зарари йўқ.

— Ундай бўлса, коланинг асосий зиёни нимада? Унинг таркибидаги консервантлардами?

— Йўқ. Коланинг асосий зарари шундаки, у ниҳоятда калорияли ичимлик ҳисобланади. 330 миллилитр кола таркибида 35 грамм шакар бор. Бу 9 та чой қошиқ шакар дегани. Шакар тез ҳазм бўладиган углеводлар сирасига киради. Унинг истеъмоли семиришга олиб келади. Шунингдек, қандли диабетни келтириб чиқариши ҳам мумкин.

— Айтишларича, олимлар семириш ва шакар истеъмол қилиш ўртасидаги боғлиқликни инкор қилган.

— Ҳа, шакар ва семириш эпидемияси ўртасидаги боғлиқликни инкор қиладиган бир қанча илмий ишлар ёзилган. Уларнинг муаллифлари семиришнинг асосий сабаби камҳаракатлик деб ҳисоблайди. Бироқ яқинда бу қарашларни ёқлаб чиққан олимларнинг Cоcа Cола компанияси билан яқин алоқаларда экани фош бўлди. Бу эса уларнинг илмий ишларига бўлган ишончни сўндиради.

— Қайси бири зарарлироқCоcа Cola ёки Pepsi?

— Айнан шу ичимликларни ҳеч ким солиштириб кўрмаган. Газли ичимликларнинг зарарини ўрганишга бағишланган илмий изланишларда ичимликларнинг маркаси кўрсатилмаган. Шуни айта оламанки, газли ичимликлар таркибидаги шакар миқдори ва кислоталилик даражаси бўйича бир-биридан у қадар фарқ қилмайди. Газли ичимликларнинг зарари ҳақида гапирилганда, кўпинча Cоcа Cola тилга олинади, бу шунчаки коланинг машҳурроқ экани билан боғлиқ.

— Хуллас, соғлиққа зарар етказмай қанча миқдорда кола ичиш мумкин?

— Содда углеводлар кунлик рационнинг 10 фоизини ташкил қилиши тавсия қилинади. Бу дегани, эркак кишилар — бир кунда 9 чой қошиқ, аёллар — 6 қошиқ, болалар 3 қошиқ шакар истеъмол қилиши мумкин.  Демак, эркаклар бир кунда 1 банка (330 миллилитр), аёллар — 1 стакан (200 миллилитр) кола ичиши мумкин. Бу бир кунлик меъёр бўлгани учун, бундан ташқари қаҳва ва чойга шакар қўшиб ичиш ёки ширинлик истеъмол қилиш мумкин эмас. Болаларга эса ширин ичимликлар умуман тавсия қилинмайди.