Австралияда тождор тимсоҳ 10 йил давомида унинг овқатини тортиб олиш билан шуғулланган итни еб қўйди, деб ёзмоқда ABC News.
Австралияда Аделаида дарёсидаги оролда яшовчи Кай Хенсен меҳмонларига қўлга ўрнатилган тимсоҳ ва Пиппа лақабли терер ити иштирокида томоша кўрсатади. У терернинг севимли ўйинини меҳмонларга намойиш қилмоқчи бўлиб, Кесси лақабли тимсоҳга гўшт бўлагини отади. Пиппа эса одатига кўра тимсоҳни дарёга ҳайдаб юбориш ва овқатини олиб қўйиш учун югуриб келади. Пиппа бу ишини 10 йилдан буён такрорлаб келган. Бироқ бу сафар у Кессига яқинлашганида, тимсоҳ кутилмаганда унга ҳамла қилиб еб қўяди.
Ҳайвонларнинг эгаси бироз тушкунликка тушгани ва ити учун ачинаётганига қарамасдан, Кессини айблай олмаслигини маълум қилган. «Бу воқеанинг қачондир юз бериши аниқ эди», — дея Хенсен вазиятни изоҳлаган.
Хенсен оролга 15 йил илгари шаҳар шовқинидан узоқда бўлиш учун кўчиб келган. Оролда Хенсен бир нечта ит, тимсоҳ ва қуш боқиш билан шуғулланган. 6 килограмм оғирликка эга бўлган Пиппа катта тимсоҳларга ташланиб, улардан овқатини олиб қўйиш билан шуғулланган. Хенсен Пиппани бу одатини такрорламасликка кўп бора ўргатмоқчи бўлган, бироқ унинг уринишлари самара бермаган. Хенсен яқин орада янги ит сотиб олмоқчи, бироқ аввал унинг тимсоҳларга ташланиш одати йўқлигига ишонч ҳосил қилмоқчи.
Изоҳ (0)