Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармасида сўроқ жараёнларини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео шаклида қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган комплекс ташкил этилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
Комплекс махсус тергов хонаси, вояга етмаганларни сўроқ қилиш хонаси ва оператор хонасидан иборат.
Комплекснинг қурилишида жабрланувчи ва гувоҳларни айбдор билан юзлаштиришда амал қилинадиган халқаро меъёрлар инобатга олинган. Яъни, гумондор шахс ўзига нисбатан кўрсатма бераётган гувоҳ ёки жабрланувчи билан юзма-юз кўришмайди, балки алоҳида хонада ўрнатилган монитор орқали уларни кўради. Гувоҳ ёки жабрланувчи гумондорни кўрмайди. Негаки жиноятга алоқадор шахсни кўрган жабрланувчи руҳий зарба олиши мумкин. Бу эса сўроқ жараёнини қийинлаштирадиган ҳолат ҳисобланади. Шунинг учун, комплексда кузатув камералари ўрнатилган, тасвирни керакли хонадаги мониторга узатиш билан эса операторлар шуғулланади.
Изоҳ (0)