Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

GM Uzbekistan компанияси автосалонларда Damas автомобили харидорларидан қўшимча тилхат ёздириб олинаётгани ҳақида Telegram’да пайдо бўлган хабарларни тасдиқламади. Бу ҳақда компаниянинг Жамоатчилик билан алоқалар хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Telegram

Фото: Telegram

6—7 июнь кунлари Telegram’даги оммабоп каналларда автосалонлар Damas харидорларидан машинани баъзи деталларсиз олишга розилик ҳақида тилхат олаётганига доир хабарлар пайдо бўлган эди. Сурати эълон қилинган тилхатлардан бири PSM Avtosavdo, яна бири Poytaxt-Avtosavdo автосалонига тегишли экани таъкидланган эди. Тилхатларда, жумладан, харидор Damas автомобилини магнитофон, антенна, ён томонидаги DLX (Deluxe) белгиси, орқа эшикнинг пастки қисмидаги оёқ қўйгич ва ғилдирак лаппаклари (калпаклари)сиз қабул қилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилгани ва бунга рози бўлгани қайд этилган.

Баъзи манбалар бу тилхатлар деталларнинг нархи ошгани, бироқ Damas’ларнинг умумий нархини оширмаслик учун кўрилаётган чора доирасида ёздирилаётганини маълум қилган. GM Uzbekistan компанияси Жамоатчилик билан алоқалар хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, бу борада интернетда тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Бугунги кунда компания томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг таннархини тушириш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ интернетда тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаганлиги боис компания буни тасдиқламайди.

Мижозлардан шундай тилхатларни тўлдириш сўралган ҳолатларда (+998-71) 141-77-77 телефон рақами орқали компания колл-марказига мурожаат қилишларини сўраймиз.

GM Uzbekistan Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Маълумот учун, «Ўзавтосаноат» компанияси томонидан 31 май куни ўтказилган матбуот анжуманида яқин вақт ичида GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар нархларини ошириш режаси йўқлиги маълум қилинган эди. «Биз нархларни ошириш тарафдори эмасмиз», — деганди ўша матбуот анжуманида «Ўзавтосаноат» раҳбари Умиджон Салимов.

Изоҳ
Асосий янгиликлар