Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази Малайзия интеграллашган бизнес коллежи раҳбарияти билан Ўзбекистонда халқаро коллеж очиш масаласида музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Олиб борилаётган музокаралардан мақсад Ўзбекистонда халқаро стандартлар асосида туризм, ресторан бошқаруви, молекуляр гастрономия ва кулинария каби йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган халқаро коллеж ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишдир.
Марказ раҳбари билан учрашув жараёнида С.Виравикнешвар Буюк Британия, Австралия стандартлари асосида таълим беришни назарда тутувчи халқаро коллеж ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 миллион АҚШ долларигача миқдорда инвестиция киритиш мажбуриятини олишини маълум қилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, Касб-ҳунар таълими маркази ва Малайзия интеграллашган бизнес коллежи ўртасида ҳамкорликни бошлашга доир англашув меморандуми имзолади.
Малайзия интеграллашган бизнес коллежи 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, Малайзия кулинария институти таркибига киради. Мазкур коллеж Жанубий-Шарқий Осиёда биринчи кулинария мактаби ҳисобланади ва МДҲ давлатларида аналоги мавжуд эмас.