Тошкентда яшовчи хотин-қизлар эндиликда хорижга чиқишга рухсатнома олиш учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида суҳбатдан ўтишга мажбур эмас. Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев 25 май куни шу ҳақдаги фармойишни имзолади, деб хабар қилади «Газета.uz».
Шайхонтоҳур миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Дилшод Қодировнинг хабар қилишича, қизлар ва аёллар эндиликда турмуш ўртоғи рухсати ёки ишончли шахс кафолати, маҳалладан маълумотнома олиши ва қон таҳлилларини топшириши шарт эмас.
«Авваллари мамлакатдан вақтинча чиқиш учун ҳужжат топширган 18 дан 35 ёшгача бўлган аёллар суҳбатдан ўтишга мажбур эди. Ички ишлар вазири ўринбосари, ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев топшириғи билан эндиликда бундай суҳбатлар ўтказилмайди», — деди у.
ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, 2011 йилдан буён ички ишлар вазири ўринбосари топшириғи билан хорижга мустақил равишда, яъни ҳамроҳсиз хорижга чиқувчи 18−35 ёшдаги қизлар ва аёллар мажбурий тартибда суҳбатдан ўтиши шарт. Бундай қарор одам савдоси ва фоҳишабозликка қарши кураш мақсадида қабул қилинган.
Бироқ кейинроқ хорижга ҳамроҳ билан чиқадиган аёлларга ҳам суҳбатдан ўтиш мажбур қилиб қўйилди. «Барча аёлларни суҳбатга жўнатишни бошлашди, улардан чиқишдан мақсадни сўраш, маҳалладан, ўқиш жойидан маълумотнома, ота-оналардан тушунтириш хати, ОИВ учун қон таҳлили ва бошқа кераксиз ҳужжатлар талаб қилина бошланди», — дейди суҳбатдош.
Янги тартиб ҳозирча фақатгина Тошкентда амалга жорий этилади. Пойтахт ИИББ мамлакат ИИВга бундай талабни қайта кўриб чиқиш таклифи билан чиқди.
ИИББ паспорт-виза режимидаги бошқа кераксиз тўсиқларни бартараф этиш мақсадида фармонлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатлар қўшимча равишда ўрганилаётганини маълум қилди.
Жумладан, узоқ муддат (уч ойдан ошиқ) хорижда бўлиб, ватанга қайтган Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан профилактик суҳбатлар ўтказишни бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Изоҳ (0)