2018 йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Пекин шаҳрида «ШҲТ-Афғонистон» алоқа гуруҳининг ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасидаги мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва Афғонистон делегациялари томонидан ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, Афғонистондаги вазият ва унинг улкан қўшни минтақага таъсири ҳамда Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича чоралар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида мажлис иштирокчиларига 2018 йил 27 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» конференцияси натижалари тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланганидек, Афғонистондаги вазият ҳал бўлишига кўмаклашиш, тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, мазкур қўшни ва қардош давлат билан дўстона алоқаларда бўлиш ва ривожлантириш Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон бундан кейин ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни ривожланиш йўлига қайтаришга амалий ҳисса қўша оладиган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)