Франция миллиардерлари йилнинг биринчи 5 ойи ичида ўз бойликларини 12 фоизга кўпайтиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Bloomberg маълумотига қараганда, Франциянинг 13 нафар энг бой кишиси йил бошидан ҳисоблаганда ўз бойликларини 27,6 миллиард долларга, яъни 12 фоизга кўпайтирган. Bloomberg агентлиги томонидан тақдим қилинган миллиардерлар индексига кўра францияликлар япон, хитой ва америкаликларни ортда қолдирди.
Французларнинг етакчиликни қўлга киртишида Бернар Арно ва Франсуа Пиноларнинг ҳиссаси катта. Улар беш ой ичида 22,3 миллиард доллар даромадга эга бўлган. Европанинг энг бадавлат кишиси бўлган Арнонинг умумий бойлиги 76,4 миллиардга тенг. Арно LVMH бизнес гуруҳига раҳбарлик қилади. Louis Vuitton, Moet, Hennesy, Dior, Givenchy, Kenzo, Bulgari, Hublot брендлари айнан шу гуруҳга тегишли. 81 ёшли Пино (бойлиги 35,5 миллиардга баҳоланган) Керинг гуруҳига раҳбарлик қилади. Унга Gucci, Yves Saint Laurent, Brioni, Puma брендлари тегишли.
Арно ва Бино даромадларининг ўсишини Bloomberg Хитойда нуфузли брендларга бўлган талабнинг ортиши ҳамда электрон савдонинг жадал ривожланиши билан изоҳламоқда. Шунингдек, Пино даромадларининг ортишига Kering гуруҳига тегишли Лондондаги Christie’s аукционлар уйи ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.
Йил бошидан Chanel эгалари Ален ва Жерар Вертхаймерлар 2,4 миллиард доллар, L’Oreal эгаси, Франциянинг энг бадавлат аёли Бетанкур Майерс 3,7 миллиард доллар даромад олган.
Франциядаги бир қанча бадавлат кишиларнинг даромадлари эса аксинча камайган. Телекоммуникация соҳаси магнати, Le Monde газетасининг эгаларидан бири, Фрэнк Синатранинг My Way қўшиғига бўлган ҳуқуқларни қўлга киритган Ксавье Нил йил бошида 2,6 миллиард доллар йўқотган.
Апрель ойининг бошида Bloomberg агентлиги Арнони Европанинг энг бой кишиси сифатида тан олган, ўша вақтда унинг давлати 70,7 миллиард долларга тенг бўлган. У 70,2 миллиард долларлик даромадга эга испаниялик тадбиркор Амансио Ортегани ортда қолдирган.
Изоҳ (0)