Исроилнинг Қуддус ишлари бўйича вазири Зеэв Элькиннинг маълум қилишича, Фаластин билан низо араблар Қуддусга нисбатан даъвосидан воз кечсагина ҳал этилиши мумкин. Бу ҳақда вазир «Известия» газетасига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда «Газета.ru».
«Қуддус Исроилнинг пойтахти сифатида тан олинмаса, можаро тинчлик йўли билан ечим топишининг иложи йўқ. Бироқ элчихонани кўчиришдан воз кечиш фаластинликларда шундай тасаввур уйғотмоқдаки, худди Исроилнинг Қуддусдан пойтахт сифатида воз кечиши низонинг ечимига сабаб бўлади. Бироқ, Исроил ҳукумати ҳеч қачон бундай ечимни танламайди», — дейди Элькин.
Шунингдек, Зеэв Элькин Қуддусда Россия дипломатик миссиясининг очилиши Исроилга маъқул келишини билдирди. Унинг таъкидлашича, элчихона учун энг муносиб жой — Эски шаҳар ёнидаги қадимий Рус карвонсаройи.
Исроил ва Фаластин можаролари АҚШ ўз элчихонасини Қуддусга кўчиришини маълум қилганидан сўнг янада авж олди. Дипломатик миссиянинг кўчирилиши туфайли Ғазо секторида норозилик намойишлари уюштирилган. Намойишчилар ва Исроил қўшинларининг тўқнашуви оқибатида 61 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
Аввалроқ, Голан тепаликларидаги Исроил қўшинлари марраларига ракета ҳужуми уюштирилгани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)