17 май куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциациясининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Дарё»га хабар қилди.
Айни кунда республикада 140 дан ортиқ нашриёт ва 450 дан ортиқ китоб савдоси мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу ассоциация китоб маҳсулотларини нашр этиш ва харидорларга етказиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этувчи мустақил тузилма сифатида иш бошламоқда. Ассоциация бир вақтнинг ўзида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бу жараёнларни кенг тарғиб қилиш, нашр ва савдо соҳасидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этишни ўз олдига мақсад қилган.
Ассоциация томонидан китоб савдосига ихтисослашган китоб дўконларига махсус гувоҳномалар берилиши жорий этилади. Гувоҳномага эга бўлган тадбиркорлар доимий равишда китоб савдоси, нашриёт фаолияти, хорижий давлатларнинг китоб савдосидаги илғор тажрибалари билан таништирилади ва малакаси ошириб борилади.
Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси раислигига сайлаган «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти директори Эркин Абдураҳмонов ассоциация томонидан мамлакатдаги ҳар бир китоб дўконида туриши шарт бўлган адабиётлар рўйхати ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, таъсис йиғилишида ҳозирги кунда ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига ўз вақтида ва мақбул нархларда етказиш билан боғлиқ бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)