16 май куни Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Пекинда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг биринчи аёллар форумида иштирок этди. Бу ҳақда, Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизматига асосланиб, «Газета.uz» хабар қилди.
«Аёллар ҳуқуқини бирлаштириш, умумий тараққиётга кўмаклашиш» мавзусида ўтказилган форум очилишида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Танзила Норбоева чиқиш қилди. Форум қатнашчилари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, гендер, ижтимоий ва оилавий сиёсат соҳасидаги ютуқларни амалга оширишга қаратилган йирик сиёсий дастурнинг асосий қоидалари билан таништирилди.
Форумда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Афғонистон, Арманистон, Беларусь, Мўғулистон ва Непал делегациялари икки томонлама ва минтақалараро даражада турли соҳалардаги аёллар ташкилотларининг ҳолати ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Делегациялар ШҲТ доирасида минтақалараро ҳамкорликнинг янги форматини қўллаб-қувватлади.
Ташриф дастурига Бутунхитой Халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, Бутунхитой хотин-қизлар федерацияси раиси Шень Юеюэ, Илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари билан учрашувлар ва музокаралар, шунингдек, турли соҳаларда аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор лойиҳалар билан танишиш ҳам киритилган.
Изоҳ (0)