Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Тошкент ва Хўжанд ўртасида мунтазам автобус рейси қатновини йўлга қўяди. Бу ҳақда, автобуси рейсни амалга оширадиган Manzara Tourism туристик оператори вакилига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Тошкент – Хўжанд – Тошкент тақдимот рейси 15 май куни амалга оширилади.
Автобуслар «Тошкент» (Ўзбекистон) ва «Хўжанд» (Тожикистон) автовокзаллари ўртасида йил давомида қатнайди. У айрим пунткларда техник тўхташларни амалга оширади, шунингдек, йўловчиларни олади.
Бир томонга йўл узунлиги 174 километрни ташкил этади. Сафар 4,5 соат вақт олади, бунга чегарадан ўтишга сарфланадиган вақт ҳам киради. Чипталарни «Тошкент» ва «Хўжанд» автовокзаллари кассаларидан харид қилиш мумкин.
Тошкент – Хўжанд рейси нархи 50 минг сўмни, Хўжанд – Тошкент рейси нархи эса 50 сомонийни ташкил этади. Тўлов ҳар бир давлат ҳудудида миллий валютада амалга оширилади.
Автобуслар, йўловчилар ва уларнинг юклари божхон кўриги ҳамда чегара паспорт назоратидан навбатдан ташқари ўтказилади.
15 майдан ишга тушириладиган рейс графиги:
Тошкент (8:00) — Хўжанд (12:35); Тошкент (12:00) — Хўжанд (16:35); Тошкент (18:00) — Хўжанд (22:35).
Хўжанд (6:00) — Тошкент (10:35); Хўжанд (13:00) — Тошкент (17:35); Хўжанд (18:00) — Тошкент (22:35).
Халқаро автомобиль қатнови юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги келишув 9 март куни имзоланган.
Изоҳ (0)