Фарғона вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси ва «Фарғона водий сайёҳ» турагентлиги ташаббуси билан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» шиори остида Шоҳимардонга велосаёҳат уюштирилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Веломарафонда 28 нафар фахрий Фарғона–Водил–Қадамжой–Шоҳимардон йўналиши бўйлаб саёҳатга чиқди. Марафончилар дастлаб Водил қишлоғидаги «Чинор таги» маданият ва дам олиш масканига ташриф буюрди. Сўнгра улар Қирғизистоннинг Қадамжой тумани маҳаллий ҳокимияти вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.
Шоҳимардонда «Оқ қия» чегара постини кесиб ўтиб, фахрийлар «Шоҳимардон» экотуризм марказига борди.
Велоспортчилар учун Шоҳимардон қишлоғи бўйлаб маҳаллий музей экскурсияси уюштирилди. Фахрийлар халқ тилида Ҳазрати Али мақбараси дея аталувчи зиёратгоҳ, Арчамозор мажмуаси ва мазкур ҳудуддаги бронза даври ёдгорликлари ҳамда Оқсув дарёси бўйлаб сайр қилди.
«Велоспорт билан 20 йилдан буён шуғулланаман, вилоят велоспорт федерацияси аъзосиман. Ҳар йили веломарафонда фаол қатнашаман. Насиб қилса, велосипедда ҳаж зиёратига боришни ният қилганман,» – дейди Қоражийда қишлоғида яшовчи 76 ёшли Каримжон Ҳакимов.
Изоҳ (0)