Ўзбекистон Президенти 11 май куни «Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди, деб хабар беради ЎзА.
Унга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда аллерген ўсимликлар чанги тўпланишини кузатишни ва муайян ҳудудда аллергия патологияси билан касалланган беморларни хабардор қилишни назарда тутадиган аэробиологик мониторинг тизимини яратиши керак.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда аллергик касалликлар ташхисини ультразамонавий биологик микрочипларни қўллаган ҳолда ташкил этиш, шунингдек, келгусида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг «аллергик паспорти» ишлаб чиқилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда етакчи халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда аллергология ва иммунология соҳасида илмий-ташхис, таълим ва ишлаб чиқариш инновацияларини ривожлантириш мақсадида лаборатория ва илмий амалиётнинг халқаро стандартларига (GLP, GSP) жавоб берувчи Халқаро молекуляр аллергология ва иммунология марказини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)