10 май куни Назарбаев университети ва Қозоғистон миллий географик жамияти — Qazaq Geography экспедиция гуруҳи Орол денгизига бағишланган илмий-маърифий экспедициясини бошлади. Шимолий ва Жанубий Орол соҳилларини ўрганишга бағишланган «Орол 2018» экспедицияси 10–29 май кунлари оралиғида бўлиб ўтади. Гидробиолог олимлар ва картографлар экспедицияси таркибида машҳур журналистлар, фотосуратчилар ҳам бор, деб ёзади ЎзА.
Жорий йилги экспедиция ўрганиш жойларига Жанубий Орол (Оролнинг Ўзбекистон томони) ҳам киритилган. Илмий экспертизанинг натижалари бўйича планктон гуруҳларнинг биологик хилма-хиллиги, сувнинг шўрланиши, фосфор даражаси бўйича маълумот йиғилади. Бу эса Шимолий ва Жанубий Орол соҳилларидаги экологик ҳолатни олдиндан башорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, экспедицияда Орол соҳиллари бўйича туристик йўналишлар харитасини ишлаб чиқиш, фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун маълумот йиғилади.
Ташрифдаги 19 кун давомида экспедиция таркибидаги 20 киши беш автомобилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги 7 минг километрлик масофани босиб ўтади.
– Ташриф «Остона – Балхаш – Чу – Тароз – Чимкент – Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Урганч – Нукус – Мўйноқ – Орол денгизи – Бейнов – Бозой – Орол денгизи – Орол – Қизилўрда – Жезқазған – Қарағанда – Остона» йўналиши бўйича ўтказилади, — дейди экспедиция раҳбари Нуржан Алғашов.
Изоҳ (0)