Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари уруш фахрийси Абдулла Каримов хонадонига ташриф буюриб, Президент совғаси ва табрик хатини тантанали равишда топширди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Самарқанд шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов Абдулла бобонинг қўлига давлат раҳбарининг туҳфаси — олтин соатни тақиб қўйиб, табрик хатини ўқиб берди.
Табрикдаги «Дунёни фашизм балосидан асраб қолишга, бугунги ёруғ кунларимизни таъминлашга ҳисса қўшган Сиздек мард ва қаҳрамон юртдошимизга бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман» деган сўзлар Абдулла бобони тўлқинлантириб юборди.
Самарқанд ҳарбий гарнизони оркестри томонидан ҳарбий куй-қўшиқлар ижро этилди. Ўқувчи-ёшлар отахонни байрам билан табриклади.
«Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими маълумотларига кўра, Президентнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонига кўра, жорий йилда самарқандлик 97 нафар уруш қатнашчисига 5 миллион сўмдан пул мукофоти ва давлат раҳбари совғалари топширилмоқда. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳам уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.
Изоҳ (0)