Тошкент, Шарқий, Шимоли-ғарбий, Жануби-ғарбий махсус ҳамда Марказий ҳарбий округларда ҳарбий хизматчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларига Президент номидан бир марталик пул мукофоти ва совғалар топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирларда ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят, туман ҳокимлиги ҳамда мактаб ва коллеж ўқувчилари иштирок этиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашга ҳисса қўшган фахрийларнинг ҳолидан хабар олди.
Жумладан, Марказий ҳарбий округи масъул офицерлари, Навоий вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган бир гуруҳ уруш қатнашчиларини келаётган байрам билан қутлади. Улар билан яқиндан суҳбат қуриб, уруш даҳшатларини, бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадри ҳақида гапирди. Фахрийлар мана шундай дориломон кунларга етказганига шукроналар айтиб, ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Навоий вилояти ҳокими Қобулжон Турсунов ва Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Улуғбек Дўстматов ҳамда Мудофаа ишлар бошқармаси офицерлари иштирокида уруш қатнашчилари Норбой Қозоқов, Жўрақул Колонов, Мурод Мавлонов, Фозил Ражабов, Ашур Хаитов, Турсун Эргашевга Президент номидан 5 миллион сўм пул мукофоти ва қўл соатларини ҳамда қимматбаҳо совғалар — музлатгич ва телевизорлар тантанали равишда топширилди.
Изоҳ (0)