Андижон вилояти ҳокимлигида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига Президент совғаси — тилла соат ҳамда 5 миллион сўм пул мукофотини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ўтказилган тадбирда вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, мудофаа ишлари, маданият бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Шу кунларда кенг жамоатчилик вакиллари уруш фахрийларининг хонадонларига бориб, аҳволидан хабар олмоқда, уларга юксак ҳурмат-эътибор кўрсатмоқда. Андижон вилоятида умргузаронлик қилаётган 63 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалаба йўлида кўрсатган жасорат ва қаҳрамонликлари бугунги авлод учун ибрат мактабидир.
«Уруш даҳшатларини биз кўрдик, авлодларимиз асло кўрмасин, — дейди Қўрғонтепа тумани Султонобод маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Одилжон ота Сиддиқов. — Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибордан бошимиз кўкка етмоқда. Бугун бизга Президентимиз совғаси, пул мукофотлари берилди. Бундан беҳад хурсандмиз. Юртимиз янада гуллаб-яшнасин, тинчлигимизга асло кўз тегмасин».
Бу каби тадбир Андижон шаҳридаги ҳарбий гарнизонда ҳам бўлиб ўтди. Тадбирларда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)