«Тошкент – Олмаота – Тошкент» халқаро автобус йўналишидаги 11 апрель куни бошланган илк синов қатнови 12 апрель куни Олмаота шаҳрига етиб келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистонлик жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ўтирган автобус Олмаота шаҳридаги «Сайран» автовокзалига кириб келди. Бу ерда ўзбекистонлик меҳмонлар Олмаота шаҳри жамоатчилиги томонидан тантанали кутиб олинди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик алоқалари бир дарёдан сув ичган икки халқнинг азалий қавм-қариндошлик, қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлаётгани, ҳар икки миллат вакилларининг қалбида қувончи ва ишонч туйғуларини жўш урдираётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистонлик меҳмонлар Олмаота шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди. Қозоғистоннинг аввалги пойтахти ва энг йирик шаҳарларидан бири Олмаота мамлакатнинг маданий, молиявий-иқтисодий марказларидан ҳисобланади. Шаҳар кундан-кунга, йилдан йилга чирой очиб бораётир.
Аввал хабар қилинганидек, ташувчилар томонидан йўналиш бўйича йўл ҳақи нархи 100 минг сўм ва тегишли равишда 4000 тенге нархда ташилиши ташувчилар томонидан эълон қилинди. Мунтазам қатновлар 12 апрелдан бошлаб «Тошкент» автовокзалидан кунига учта (соат 16:00; 17:00 ва 18:00) қатнов амалга оширилади. Йўналишда хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистон томонидан ташувчи Erkin Emina Express Tour МЧЖ Yutong (Хитой) русумли автобуслардан, Қозоғистон томонидан ташувчи YUG Trans Line МЧЖ эса Van Hool (Бельгия) русумли автобусларидан фойдаланади.
Йўналиш масофаси 818 километрни, йўлдаги вақт эса 16 соат 30 дақиқани ташкил этади. Жадвалларда «Ғишткўприк» (Ўзбекистон) ва «ЖИбек жоли» (Қозоғистон) чегара ва божхона назорат пункти текширувидан ўтиш учун 30 дақиқадан вақт ажратилган.
Изоҳ (0)