«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва Malaysia Airlines авиакомпанияси код-шер келишув доирасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Энди миллий авиакомпания йўловчилари Тошкентдан Малайзия курортлари — Лангкави ороллари ва Кота-Кинабалу шаҳригача парвоз қилиши ва ортга қайтиши мумкин. Бу ҳақда миллий авиакомпания матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мунтазам рейслар Malaysia Airlines авиакомпанияси билан ҳамкорликда Куала-Лумпур шаҳри аэропортидан амалга оширилади.
Тошкентдан Лангкави ва Кота-Кинабалуда рейслар чоршанба ва пайшанба кунлари, қайтиш рейслари эса чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Миллий авиакомпаниянинг тез-тез парвоз қилувчи йўловчилари дастури иштирокчиси бўлганларга ҳар икки йўналишда: Тошкент—Куала-Лумпур—Лангкави, Тошкент—Куала-Лумпур—Кота-Кинабалу рейсларига чипта харид қилганлик учун баллар ёзилади.
Авиачипталарни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг барча савдо офисларидан харид қилиш мумкин.
Изоҳ (0)