Хоразм вилоятида 15 минг 986 гектар уй томорқаси, 23 минг 726 гектар дала томорқаси фойдаланиш учун берилган. Аҳоли учун ажратилган ер майдонларининг аксарият қисмида турли экинлар экилган бўлса-да, бу масалага эътиборсиз қараётганлар ҳам бор, деб ёзади ЎзА.
Президентнинг 2017 йил 10 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳлар олиб борган мониторинг натижаларига кўра, вилоятдаги 300 га яқин хонадоннинг 35 гектарга яқин томорқасидан самарасиз фойдаланилаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан туманларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари вакиллари томонидан 152 хонадон эгалари огоҳлантирилган.
Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда томорқадан самарали фойдаланмаган, огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармаган 106 хонадон эгасидан 11,7 гектар ер туманлар ҳокимлиги захирасига қайтариб олинди. Ушбу ҳолатларнинг 46 таси Урганч, 24 таси Янгиариқ, 16 таси Гурлан ва 20 таси бошқа туманлар ҳиссасига тўғри келади.
Масалан, Урганч тумани Боғдорчи маҳалласида яшовчи Қўзи Жуманиёзов 12 сотих томорқадан кўп йиллар давомида самарасиз фойдаланиб келган. Мутасаддилар томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай, томорқасига ҳеч нарса экмаган. Натижада унинг ери туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинди.
Изоҳ (0)