Баъзан шундай саволлар бўладики, қандай маслаҳат беришни ҳам билмайсан киши. Мутасадди ташкилотлар қарор қабул қилаётганда мантиқни қўшишса ёмон бўлмасди дейди Хушнудбек Худойбердиев Facebook’даги саҳифасида.
Ҳуқуқшунос мактабгача таълим муассасасига боласини жойлаштиришда муаммога дуч келган аёлнинг мурожаатини келтирган.
«Ёлғиз онаман. Фарзандим 2 ёшга тўлди. Энди ишга чиқишим керак, чунки ишхонам декрет пули тўлашни тўхтатди. Лекин боғчалар 3 ёшдан қабул қиламиз, 2 яшар болани олмаймиз, деяпти. Агар боламга қарасам, қандай кун кўраман? Агар ишга чиқсам, ҳеч кимим йўқ, боламга ким қарайди?»
Хушнуд Худойбердиевга кўра, мактабгача таълим муассасасига болаларни 3 ёшдан қабул қилиш бошланганда боғчалар Халқ таълими вазирлиги тасарруфида эди. Энди вазият ўзгарди: Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, боз устига раҳбари аёл киши.
«Агреппина Шин шу масалада аёлларнинг муаммосини ҳал қилиб берса яхши бўларди. Ортиқча ҳаражат, бюджетни иқтисод қилиш каби шаблон жиҳатларни бир четга суриб, шунчаки оддий инсон сифатида масалани ўйлаб кўришса, деган умидим йўқ эмас», — таъкидлади Х. Худойбердиев.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги қарори билан боғчаларга қабул ёши 3 ёш этиб белгиланган.
Изоҳ (0)