MH17 ҳалокатини текшириш бўйича халқаро тергов гуруҳи икки мустақил экспертнинг Россия томони тақдим этган радарлар тасвирлари бўйича хулосаларини эълон қилди, деб ёзади «Корреспондент.net».
Россия радарларидан олинган тасвирларда Бук мажмуасидан учирилган ракета қайд этилмаган. Аммо, тергов гуруҳи фикрича, бу ракета умуман учирилмаганини билдирмайди.
Мустақил экспертлар Россиянинг Уст-Донецкидаги радиолокация станцияси Бук ракетаси парвозини унинг хусусиятлари, хусусан, тезлиги сабабли қайд эта олмаган бўлиши мумкин, деган хулосага келди.
«Ракета тезлиги фуқаролик авиациясиникидан анча катта, фуқаролик радиолокация станцияси созламалари шундайки, бундай тезкор объектлар одатда радар тасвирларида кўринмайди. Бу радар тасвиридаги ‘хаос’ олдини олади», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, тергов гуруҳи Россия радарлари MH17 яқинида бошқа бирорта ҳам самолётни қайд этмаганига эътибор қаратмоқда.
Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган Boeing 777 Malaysia Airlines йўловчи самолёти 2014 йилнинг 17 июлида Донецк вилоятининг шарқида ҳалокатга учраган эди. Самолётнинг 283 нафар йўловчиси ва 15 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган.