Жиззах шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмнинг ҳарбий хизматчилари томонидан Бахмал туманидаги коллеж ва мактабларда, жумладан, Музбулоқ, Чубар, Алдашмон, Темирқадам, Оққўрғон қишлоқларидаги ўрта таълим мактабларида кўргазмали машғулотларни ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу галги ташриф туман марказидан қарийб 60 километр узоқликда жойлашган Зартепа қишлоғидаги 62-ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. Ушбу таълим масканида қирғиз миллатига мансуб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари таҳсил олади.
Ҳарбий техникалар кўриги, алоқа тайёргарлиги, қурол-аслаҳаларни нотўлиқ қисмларга ажратиш, ниқобланиш, экстремал шароитларда яшовчанликни ошириш каби кўргазмали-амалий машғулотлар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари билан чиқишлари ўқувчилар ҳайратига сабаб бўлди.
Марказий ҳарбий округи ҳудудида жойлашган таълим муассасалари, ҳарбий қисмларда, шунингдек, дала ўқув майдонларида кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирокида йил бошидан 200 дан зиёд кўргазмали-амалий машғулотлар ташкил этилган.