Россиянинг Кемерово вилоятидаги кўнгилочар мажмуада содир бўлган ёнғин ҳолатларининг Ўзбекистонда такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида Андижон шаҳридаги «Ўзбегим» ва «Холис» савдо ва кўнгилочар мажмуаларида ёнғинни ўчириш борасида амалий-тактик машқлар ўтказилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ЁХБ матбуот хизмати хабар берди.
Машғулотда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув бўлинмаси, ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг махсус гуруҳлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш бошқармалари, тез тиббий ёрдам хизмати, телекоммуникациялар боғламаси, электр тармоқлари, газ ва «Сувоқова» корхоналари вакиллари, масканнинг 110 нафар ишчи-хизматчилари иштирок этди.
Барча хизматчилар ўзларига белгиланган вазифаларни бажариб, ёнғин ўчирувчилар шартли ёнғинни қисқа фурсатда, сифатли бартараф этди. Қутқарувчилар, тиббиёт, газ, электр тармоқлари идоралари ходимлари билан биргаликда ёнғиндан жабрланганлар сонининг ортиб кетишига йўл қўймасдан, оғир оқибатларнинг олдини олишга ҳаракат қилди.
Машғулотга масканнинг кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматлари ҳамда ҳамкорликдаги хизматларнинг 7 та махсус техникаси, Андижон шаҳар ёнғин хавфсизлиги горнизонининг 3 та асосий ёнғин ўчириш автомобиллари жалб этилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Кемероводаги фожиадан сўнг Тошкентдаги барча савдо марказлари ёнғин хавфсизлигига ёппасига текширувдан ўтказилиши маълум қилинганди.