«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан илк бор Урганчдан Рим (Италия)га тўғридан-тўғри мунтазам рейслар йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи« хабар бермоқда.
Шу муносабат билан Италия пойтахтидаги Леонардо да Винчи номидаги халқаро аэропортда ушбу давлатдаги «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг ваколатхонаси, Ўзбекистон элчихонаси ҳамда аэропорт маъмурияти томонидан тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда туристик сектор ва ушбу соҳага ихтисослашган италиялик журналистлар, янги парвознинг илк йўловчилари қатнашди.
Унда сайёҳлик жабҳасини ривожлантириш, хусусан, виза ва рўйхатдан ўтиш тизимини соддалаштириш, меҳмондўстлик инфратузилмасини такомиллаштириш, янги хизмат ва АКТ технологияларини жорий этиш, туристик зоналар яратиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётгани шарофати билан Апеннин ярим оролида ҳам Ўзбекистонга келиш, унинг бой маданий-тарихий мероси билан танишишга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани эътироф этилди.
TTG Italia ва Trasporti-Italia каби таниқли нашрларда ушбу тадбир ҳақида чоп этилган мақолаларда янги рейслар Ўзбекистонга максимал қулайлик билан ташриф буюришни хоҳловчилар учун эканлиги таъкидланди.
Жадвал бўйича самолёт ҳар сешанба куни Римдан соат 20:45 да ҳавога кўтарилса, кейинги кун тонгида соат 05:45 да Урганчга қўнади. Ортга амалга ошириладиган рейс Тошкентдан соат 15:20 да йўлга чиқиб, маҳаллий вақт бўйича соат 07:15да Римга етиб келади.
Изоҳ (0)