Сирдарёда қутқарувчилар сўров бўйича бориб, илонларни аниқлашга уринди, аммо қидирув муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда ФВВ маълум қилди.
30 март куни соат 12:15 да Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчи-диспетчерлик хизмати 1050 тезкор рақамига Гулистон шаҳри 4-мавзе ширкатининг раиси Абдуғани Шодмонов қўнғироқ қилиб, 3-уйнинг ертўласида илонлар борлиги ва улар аҳоли соғлигига хавф солиши мумкинлигини айтиб ёрдам сўради.
Ёрдам кўрсатиш мақсадида бошқарма масъул навбатчиси Ш. Саркаев бошчилигида уч нафар қутқарувчи тез орада белгиланган манзилга етиб борди. Воқеа жойидаги вазият ўрганилганда 3-уйда яшовчи фуқаролар ертўла тагига бир нечта заҳарли илонлар кириб кетганлиги тўғрисида гувоҳлик берди. Қутқарувчилар ертўла ичи ва атрофини қирганида илонларни топишнинг имкони бўлмади.
Илонлар топилмаганига қарамасдан, ФВБ масъул навбатчиси Ш. Саркаев вазиятни тўғри баҳолади ва юзага келган ҳолатни тўла бартараф этиш учун Гулистон шаҳар ДСЭНМ ходимларини жалб қилди. ДСЭНМ ходимлари томонидан 3-уй атрофи ва ертўласи ўткир ҳидли пурковчи дори воситалари (ҳашаротлар ва судралиб юрувчиларни ҳайиқтирувчи — ис чиқарувчи восита) билан зарарсизлантирилди.
Изоҳ (0)