Сурхондарё вилоятида 1969 йилда туғилган фуқаро Н.Солиева (исм-фамилия ўзгартирилган) фирибгарликка қўл ўрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Н.Солиева жабрланувчи М.Раҳмоновадан алдов, ёлғон ваъдалар бериш йўли билан пул олиб қайтариб бермаган. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида мазкур жиноий иш кўриб чиқилди ва айбдорга тегишли жазо белгиланди.
Аниқланишича, Н.Солиева 2013 йил июнь ойида жиноий шериги билан тил бириктириб, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Боғишамол кўчаси 25-уй олдида М.Раҳмонованинг ишончига киради ва унинг укаси И.Раҳмоновни танишларига пора бериш орқали Қуролли Кучлар академиясига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Шу тариқа М.Раҳмоновани турли ёлғонлар билан алдаб, унинг 4 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиради. Берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.
2014 йилда ҳам у жиноий ҳаракатларини давом эттиради. Яна ўша М.Раҳмоновадан жияни касал бўлиб қолгани, тиббий муолажа учун пул зарур эканини важ қилиб, 100 АҚШ доллари миқдорида пул олади. Пулларни бир ҳафта ичида қайтариб беришни ваъда қилади. Аммо бу пуллар ҳам қайтарилмайди.
2014 йилнинг декабрь ойида Н.Солиева навбатдаги фирибгарликка қўл урди. Жабрланувчи М.Раҳмоновадан бу сафар йўл харажатлари ва бошқа эҳтиёжлари учун пул кераклигини айтиб, 400 АҚШ доллари миқдорида пул олади. Пулларни бир неча ойда қайтариб беришни ваъда қилади. Аммо қайтармайди.
Н.Солиева 2017 йилнинг 19 май куни М.Раҳмоновага кредит олаётганини, ҳужжат тўплаш ва йўл харажатлари учун деб, 500 АҚШ доллари миқдорида пул олади. 20 кун ичида пулни қайтариб беришни ваъда қилди.
Суд Н.Солиевага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 8 ой-у 9 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Изоҳ (0)