Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг XIV ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради «Дарё» мухбири Севара Нишонова.
Мажлис иштирокчиларини қонун лойиҳаси билан Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев таништирди.
Мазкур қонун Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг ҳуқуқий ва қонуний асосларини ДХХ мақоми, фаолият предмети, ваколатларини аниқ белгилаб беради.
Қонунга кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг асосий ваколати этиб, разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш киради. Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексидаги 300 дан ортиқ моддадан фақат 17 таси бўйича тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириши мумкинлиги белгиланди.
Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш ДХХ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қайд этилди. Терроризмга қарши курашиш, халқаро ҳамкорликни амалга ошириш борасида ДХХ зиммасига муҳим функциялар юкланмоқда. Қонунда шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати Президентга бевосита ҳисобдор эканлиги, Президент ДХХ устидан бевосита назоратни амалга ошириш белгиланган. Ҳеч ким ДХХнинг қонуний фаолиятига аралашиши мумкин эмас, ДХХ ходимларини қонун билан зиммасига юклатилмаган вазифларни бажаришга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Сенат ялпи мажлиси давом этмоқда.
Изоҳ (0)