АҚШ Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда ЎзА мухбирига Тошкентдаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун келган АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон маълум қилди.
— Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида муҳим ўрин тутади, — дейди Томас Шэннон. — Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро қўшнилик алоқаларини мустаҳкамлаш, чегара, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масалаларга тезкор ечим топиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.
Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувни ўзим учун шараф, деб биламан. Суҳбатимиз кенг қамровли ва жуда мазмунли ўтди. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, ушбу мамлакатнинг тинч ривожланишини таъминлашга кўмаклашиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон раҳбари билан суҳбатда шу масалада ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқдик.
Изоҳ (0)