Хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.
Қарорда белгиланишича, фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам ишларини молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг захира маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Қарор билан тасдиқланган низомда хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларни эвакуация қилиш тартиби белгилаб бермоқда.
Хусусан, хорижий давлатлар ҳудудида содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатида Ўзбекистон фуқаролари жабрланган тақдирда 3 соат ичида Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш ва бошқа вазирлик, идораларнинг вакилларидан иборат махсус гуруҳ фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудга учиб (жўнаб) кетиши лозим.
Шунингдек, низомда ҳар бир ташкилотнинг фавқулодда вазият содир бўлганда бажариши лозим бўлган функциялари белгилаб берилмоқда.
Жумладан, эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатиши лозим.
Изоҳ (0)