25 ёшли фуқаро Саидакбар Собиров (келтирилган исм-шарифлар ўзгартирилган) жиноят содир этиш учун антиқа усулни ўйлаб топди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, 13 март куни Тошкент шаҳрида яшовчи Саидакбар Собиров Шайхонтоҳур туманида жойлашган Royal видеостудиясида оператор бўлиб ишловчи 1992 йилда туғилган Турдибоев Меҳриддинга «фарзандли бўлдим, турмуш ўртоғимни туғруқхонадан олиб чиқишимни видеога олиб беринг» деб, унга 400 минг сўм хизмат ҳақи таклиф этган. Сўнг Тошкент тумани, Кўксарой ҳудудидаги дала майдонига ўзи билан олиб келиб, унинг 26 миллион сўмлик Canon марк-3 ва Гонро Херо-3 русумли қимматбаҳо видеокамераларини очиқ ошкора тортиб олиб, воқеа содир бўлган жойдан яширинган.
Тошкент туман ИИБ ходимлари томонидан кўрилган тезкор чора тадбирлар натижасида С. Собиров қўлга олиниб, талончилик йўли билан қўлга киритилган видеокамералар далилий ашё тариқасида олинган.
Туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан С. Собировга нисбатан жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)