Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 7 март куни Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисмида (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган судланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Фото: «Газета.uz»

Фото: «Газета.uz»

Жиноий иш судья Зафар Нурматов раислиги остида кўриб чиқилмоқда. Суд томонидан жараён иштирокчиларининг ҳозир бўлгани текширилди, суд таркиби, томонлар эълон қилинди, рад қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Судланувчиларнинг шахси ва уларга айблов хулосаларининг нусхалари берилган вақт аниқланди, иш бўйича судланувчилар ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Суд терговини бошлашдан олдин раислик этувчи аризалар ва илтимосномалар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани аниқлади.

Адвокат Сергей Майоров томонидан судланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан суд-тиббий экспертизасини тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритилди. Ушбу илтимоснома тегишли тартибда суд томонидан қаноатлантирилди.

Сергей Майоровнинг маълум қилишича, у 2017 йил 27 сентябрда қўлга олинган Бобомурод Абдуллаев билан Миллий хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида икки марта учрашган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳимояси остидаги шахс «МХХ ходимлари бир неча марта уни қийноққа солиб уришгани, тан жароҳатлари етказишгани, жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллаб, у содир этмаган жиноятларни амалга оширганини тан олишга мажбурлангани, бошқа шахсларга нисбатан ёлғон кўрсатмалар беришига уринишгани» ҳақида унга айтган. Ушбу тафсилотлар Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевга юборилган аризада кўрсатиб ўтилган.

«Аризада уни уриб, қийноққа солган МХХ ходимлари исм-шарифлари келтирилган. Абдуллаев шу муносабат билан уларга нисбатан жиноий иш очишни сўраган. Уни қийнашган, лекин фақат 27 сентябрдан 5 ноябргача. Шундан сўнг қийноққа солишмаган. Бугунги мажлисда иш материалларига қўшиш учун мазкур аризани қабул қилиш тўғрисидаги даъвоим қондирилди», — деди Майоров.

Бобомурод Абдуллаевнинг асосан чап қўлида гематома ва шилиниш кўринишидаги қийноқ асоратлари сақланиб қолган.

«У ерда кўкариш эмас, гематомалар бор. У нима учун чап қўлида эканига ойдинлик киритди: уни ўнг қўлидан кишанлаб, чап қўлига уришган ва ‘ҳужжатларга қўл қўйишинг учун ўнг қўлинг бизга керак’, дейишган», — деди адвокат.

Сергей Майоровнинг қайд этишича, унинг ҳимояси остидаги шахсни 6 сутка давомида ўтириш, ётиш ва ухлашга қўйишмаган. «Унда умуртқаси билан боғлиқ катта муаммолар бор. Эгилган ҳолда ўтиради, тўғри ўтира олмайди. Судьянинг қароридан шикоят қилмоқчиман, чунки у умуртқа тўғрисидаги мурожаатимни ҳисобга олмади», — таъкидлади ҳимоячи.

Судьялар тан жароҳатлари, уларнинг характери ва оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизасини тайинлади. Экспертиза ўтказилиши билан келгуси мажлис тўғрисида хабар қилинади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Самарқандда 2 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди
Маҳаллий
Тошкентда автобуснинг юрган масофасига қараб тўлов қилиш тизими йўлга қўйилади
Маҳаллий
Аҳолининг валюта айирбошлашга йўналтирган пул маблағлари ҳажми 68 фоизга ўсди — Марказий банк