Фарғонанинг «Нефтчи» футбол клуби Суперлига чемпионлиги учун кураш олиб боради. Бу ҳақда клуб раҳбарияти «Championat.asia» нашрига маълум қилган ва жамоа олдига шундай вазифа қўйилишини билдирган.
«Нефтчи» ўтган мавсум якунларига кўра Олий Лига билан хайрлашиш арафасида турганди. Бироқ Суперлиганинг янги формати уни элитада сақлаб қолди. Эртага — 27 февраль куни жамоага янги келиб қўшилган футболчилар жамоатчиликка таништирилади.
ПФЛ клубларга 4+1 кўринишидаги легионерлар лимитини тақдим этган. «Нефтчи» бу имкониятдан қандай фойдалангани эртага маълум бўлади. Суперлиганинг фаворит клублари эса чемпионатнинг олди футболчиларини ўз сафига қўшиб улгурган.
Айтилишича, клуб раҳбарияти жамоанинг сўнгги йилларда йўқолиб бораётган имиджини тиклаш мақсадида. «Нефтчи» сўнгги бор 2001 йилги мавсумда чемпион бўлганди. Кейинги 16 йил давомида эса клуб олтин медалларга яқинлаша олмаган.
Ўтган мавсум «Нефтчи»ни илк даврада Андрей Фёдоров, кейинроқ эса Вадим Абрамов бошқарганди. Айни пайтда ҳар икки мутахассис ҳам жамоа билан хайрлашиб улгурган.
Изоҳ (0)